Диққат! Веб-сайт тест режимида ишламоқда.

Йўл қурилишида сифатсиз бетон маҳсулотлари ишлатилганини кўрдингизми? Сифатсиз йўл қурилаётганининг гувоҳи бўлдингизми? Асфальт ётқизилган йўллар қисқа муддатда (6-10 ой) бузилиб кетганми?

Мурожаат қилинг. У жавобсиз қолмайди. Бизнинг вазифамиз - халқимиз учун узоқ муддат хизмат қиладиган автомобиль йўлларининг сифатли қурилишини назорат қилиш.

Ўзб

“Ишонч” газетасида “Ўзйўлинспекция” раҳбарининг мақоласи чоп этилди

 

Республика марказий нашрларидан ҳисобланмиш – “Ишонч” газетасида “Ўзйўлинспекция” бошлиғи Ф.Салиховнинг “Йўл қурмоқ – савоб, уни бузиш-чи?..” номли мақоласи эълон қилинди. Қуйида унинг тўлиқ матни келтирилмоқда:

Азал-азалдан йўл солиш, кўприк қуриш – энг савобли амаллардан ҳисобланади. Бу тушунча муқаддас динимизда ҳам, миллий қадриятларда ҳам ўз аксини топиб келган. Мақол-у нақллар, ҳадислар мўл бу борада. Бир нарса аниқки, йўл солиш нечоғли улуғланса, унга зарар етказиш, узоқни яқин қилиб турган йўлни бузиш шунчалик оқланмайди.

Албатта, ҳеч ким атайлаб – тайёр турган йўлни бузмайди: ҳар ишнинг ўзига яраша сабаби бўлиши керак. Аммо... Биринчидан, ўша сабаб – қилмишни оқлаши, ўта муҳим бўлмоғи керак. Иккинчидан ва асосийси, башарти ҳуқуқий-демократик давлатда яшаётган эканмиз, ҳар бир ҳатти-ҳаракатимиз қонун доирасида қилинмоғи лозим.

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси – мамлакатдаги йўллар қурилиши, шунингдек, йўл-қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларини ишлаб чиқариш соҳасидаги қонуний ҳужжатлар талаблари бажарилишини назорат қилувчи – махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади. “Ўзйўлинспекция” ўзига юклатилган вазифалардан келиб чиқиб, мунтазам равишда автомобиль йўлларида олиб борилаётган йўл ишлари устидан қатъий сифат назоратини амалга оширмоқда.

Албатта, сўнгги йиллардаги мамлакатнинг инфратузилма ривожида –қурилаётган автомобиль йўллари, кўприк ва йўл ўтказгичларнинг салмоғи ортиб бораяпти ва бу – тараққиётимиз илдамлаб бораётганидан далолат. Лекин бир нарсани назардан соқит қилмаслик керакки, автомобиль йўллари қурилса-ю, уни сақлаш бўйича қоидаларга риоя қилинмаса, натижада уларнинг сифати кўнгилдагидек бўлмаслиги табиий. Пиёдаларнинг ҳам, ҳайдовчиларнинг ҳам ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган ҳолатлардан бири – йўллардаги қурилиш ёки таъмирлаш якунланганидан сўнг, кўп вақт ўтмасдан турли важ-корсонлар билан қилинган қазишлар оқибатида юзага келаётган ноқулайликлардир.

Хўш, бу борада қонун нима дейди? Ўзбекистон Республикасининг “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонуни талабларига кўра, автомобиль йўллари қайси юридик шахслар ихтиёрида бўлса, ўша субъектлар билан олдиндан келишмасдан, каналлар, алоқа ва электр узатиш линиялари, қувурлар, темир йўллар ҳамда бошқа коммуникациялар – автомобиль йўлларини кесиб ўтишига йўл қўйилмайди. Автомобиль йўлларидаги ёки уларнинг айрим участкаларидаги ҳаракатланишни чеклаш ёки таъқиқлаш – автомобиль йўлларига эгалик қилаётган юридик шахслар томонидан берилган рухсатномалар асосидагина амалга оширилиши керак. Рухсатнома бериш жараёнида эса, табиийки, инфратузилма ўтказган, яъни йўлни қазиган ташкилот йўл қопламасини сифатли тиклаб беришни ҳам бўйнига олиши шарт.

Бироқ ўтказилган назорат натижалари шуни кўрсатмоқдаки, кўп ҳолларда автомобиль йўлларидаги қазиш ишлари тегишли рухсатномасиз ёки рухсатнома талабларига риоя этмаган ҳолда амалга ошириляпти.

Дарвоқе, бу борада жорий йилда қонунчиликка киритилган яна бир ўзгаришни ҳам тилга олиб ўтиш керак бўлади. 2020 йил 22 январда қабул қилинган қонун билан Ўзбекистон Республикаси “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси”нинг 147-моддасига ўзгартириш киритилди. Унга кўра, эндиликда автомобиль йўлларини ўзбошимчалик билан қазиш, уларда сунъий нотекисликлар ва тўсиқлар яратиш, автомобиль йўлида ишларни амалга ошириш учун берилган рухсатнома талабларини бажармаслик, шунингдек, йўлларни сақлаш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ишлар маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади. Бунинг учун фуқароларга – базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан 3 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 10 баравари миқдорида жарима солиниши мумкин.

Йўлларни сақлаш қоидаларини бузганлик бўйича “Ўзйўлинспекция” мансабдор шахслари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома тузиш ҳам белгилаб қўйилди. Олдинлари бу каби ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик белгиланмаганлиги сабабли, инспекция томонидан бу ҳолатларда ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш имкони бўлмаган. Мазкур талаблар – қонун имзолангандан уч ойдан ўтиб, 23 апрелдан кучга кирди.

Шунга ҳам қарийб икки ой бўлаяпти экан, натижалар қандай, дерсиз. Очиғини айтамиз – йўллардаги ноқонуний бузишлар, уни ҳеч кимдан сўрамасдан, ўзбошимчалик билан кавлаш ҳолатлари анчагина учрамоқда. Шу йилнинг 15 июнига қадар “Ўзйўлинспекция” масъуллари томонидан аниқланган – автомобиль йўлларидаги ноқонуний қазишлар сони 39 тани ташкил этди. Бу миқдор кўпми ё кам, деган савол туғилиши табиий. Албатта кўп. Боз устига ҳар бир километр йўлга бюджетдан миллиардлаб маблағ сарфланганини эътиборга олсак, бу – шунча маблағ ҳавога учмоқда, дегани.

Ана энди аниқ мисолларга ўтсак. Яқинда “Ўзйўлинспекция” ходимлари томонидан – Нурафшон шаҳридан ўтувчи 4Р-22 автомобиль йўлининг 0-3,5 километрлари, 4Р-19 автомобиль йўлининг 0-4 километрлари ва 4Р-20 автомобиль йулининг 4-5 километрлари оралиғида амалга оширилаётган қазиш ишлари бўйича назорат ўтказилди. (Маълумот учун эслатиб ўтамизки, мазкур йўл - Тошкент вилояти автомобиль йўллари ҳудудий бошқармаси тасарруфида ҳисобланади).

Назорат натижаларида Тошкент вилояти “Сувоқава” ДУК томонидан – қурилиш ишларига йўл ташкилотидан рухсатнома олмасдан, шунингдек, Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ билан келишилиши зарур бўлган ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш схемасисиз, боз устига ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бўйича тегишли йўл белгиларини ўрнатмаган ҳолда – йўл марзасидан канализация ва ичимлик суви тармоқлари ўтказиш ишлари олиб борилаётганлиги аниқланди. Бу эса – юқорида айтиб ўтилган “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонуннинг 21-моддаси, қолаверса, Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2011 йил 26 декабрда қабул қилинган 342-сонли қарори бандлари талабларини очиқ-ойдин бузиш дегани.

Бундан ташқари ҳудди шунга ўхшаш қоидабузарлик Нурафшон шаҳри 4Р2 “Тошкент – Тўйтепа - А373” автомобиль йўлининг 29-35км чап ва ўнг томон оралиғида ҳам “Сувоқава” ДУК томонидан – худди шундоқ ўзбошимчалик билан, куппа-кундуз куни қазиб ташланган.

Тўғри, Нурафшон шаҳри – Тошкент вилоятининг янги маркази. Табиийки, унда сув таъминоти, канализация каби инфратузилмалар ўтказилиши лозим. Лекин такрор айтамизки, ҳар ишнинг ўз йўриғи, қонун-қоидаси бор. Сув ўтказаман, дея, халқнинг миллиардлаб маблағи сарфланган йўлни бузиб ташлаш, устига устак, бу билан йўловчи ва автомобиллар қатновини асоссиз ва огоҳлантирмасдан тўхтатиб қўйиш – ҳеч бир қуюшқонга сиғмайди.

Минг афсуски, бу каби мисолларни Тошкент шаҳридан ҳам истаганча келтириш мумкин. Пойтахтда ҳам – сув, газ ва электр энергияси таъминотини яхшилаш, носозликни бартараф этиш каби баҳоналар билан – талай кўча ва йўллар ўзбошимчалик билан қазиб ташланмоқда. Масалан, Миробод туманидаги Амир Темур кўчасининг бир неча қисми ҳамда ушбу кўчанинг Саид Барака кўчаси билан кесишмасида, Шайхонтоҳур туманининг Фурқат ва “Кичик ҳалқа йўли” кўчалари чорраҳасида, Фурқат кўчаси бўйлаб “Нурафшон” кўчасигача, Форобий ва Мирза Ғолиб кўчалари чорраҳасида, Олмазор тумани “Қорасарой” кўчасида ҳамда бошқа ҳудудларда – йўллар худди шундай сабаблар билан, ҳеч кимдан рухсат сўрамасдан қазиб ташланган ва ўз ишини қилиб бўлгач, шунчаки, қўл учида “таъмирлаб кетилган”.

Юқоридаги қоидабузарликлар юзасидан шу кунга қадар мутасадди ҳодимлар томонидан – “Автомобиль йўллари тўғрисидаги қонун” доирасида, автомобиль йўлларига, яъни давлат мулкига келтирилган зарарнинг олдини олиш юзасидан тегишли чоралар кўрилмаган.

Юқоридаги – кўнгилсиз манзаралар юртимизнинг ҳар бир ҳудудида, минг афсуски, учраб турибди. Бундай ҳолатлар билан, биринчидан, миллиардлаб маблағлар “ҳавога учишига” йўл қўйиб берилаётган бўлса, иккинчидан, халқ розилиги, ватан тараққиёти, дея кеча-ю кундуз тиним билмаётган йўлсозларимизнинг номи қора қилиниб, уларнинг фидоий меҳнатига сунъий равишда “лой чапланаётгани”га ҳам сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари, йўл минтақасида рухсатнома талабларига риоя этилмасдан коммуникация ўтказишда бажариладиган қазиш ишлари – йўлларда турли нохуш йўл-транспорт ҳодисаларига ҳам омил бўлади.

Унутмайликки, йўл – бир ёки бир неча одамнинг эмас, халқ мулки. Уни сақлашга, равон бўлишига ҳаммамиз баравар масъулмиз.

Фахриддин САЛИХОВ,

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги

Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш

инспекцияси бошлиғи

 

 

 

Галерея

САВОЛ БЕРИШ