Диққат! Веб-сайт тест режимида ишламоқда.

Йўл қурилишида сифатсиз бетон маҳсулотлари ишлатилганини кўрдингизми? Сифатсиз йўл қурилаётганининг гувоҳи бўлдингизми? Асфальт ётқизилган йўллар қисқа муддатда (6-10 ой) бузилиб кетганми?

Мурожаат қилинг. У жавобсиз қолмайди. Бизнинг вазифамиз - халқимиз учун узоқ муддат хизмат қиладиган автомобиль йўлларининг сифатли қурилишини назорат қилиш.

Ўзб

Савол-Жавоблар

 

Йўл қурилиши соҳасида ҳамда “Ўзйўлинспекция” фаолиятига доир тез-тез бериладиган саволлар  ва мазкур саволларга қисқача жавоблар.

 

Т/р

Савол

Жавоб

1

Муаллифлик назорати нима?

Объектлар қурилиши ва уларни фойдаланишга қабул қилиш мобайнида бажарилаётган қурилиш-монтаж ишларининг лойиҳа ечимларига мувофиқлиги устидан лойиҳани ишлаб чиққан ташкилот томонидан амалга ошириладиган назорат.

2

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қандай принципларга асосланади?

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қонунийлик, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, демократизм, инсонпарварлик, одиллик ва айб учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига асосланади.

3

Техник назоратчи ким?

Буюртмачи томонидан амалга ошириладиган қурилиш устидан назоратни олиб борувчи, шу жумладан, бажарилган қурилиш-монтаж ишларини қабул қилиб олувчи мансабдор шахс.

4

Автомобиль йўлларида сунъий нотекисликлар қайси меъёрий ҳужжатлар асосида ўрнатилиши лозим?

Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлигининг 2019 йил 7 июлдаги қарори билан тасдиқланган ЎзДСТ 3403-2019 “Сунъий нотекисликлар. Умумий техник талаблар. Қўллаш тартиби” Ўзбекистон Республикаси Давлат стандарти талаблари асосида ўрнатилиши лозим.

5

Автомобиль йўлларини заруриятга кўра жисмоний ва юридик шахслар томонидан қазиш ишлари қандай тартибда амалга оширилади?

Юридик ёки жисмоний шахслар томонидан йўлни қазиш учун йўлни балансда сақловчи ташкилотга мурожаат этилади ва ушбу ташкилот томонидан берилган техник шарт талаблари асосида ишлар амалга оширилади.

Берилган техник шарт талаблари бажарилмаслиги Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг
147-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлади.

6

Автомобиль йўлларида қатнов қисми деганда йўлнинг қайси қисмини тушунилади?

Йўлнинг транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун мўлжалланган асосий қисми.

7

Транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун мўлжалланган йўл бўлаги деганда нимани тушунасиз?

Йўлнинг қатнов қисмида жойлашган бўйлама тасма бўлиб, унда транспорт воситалари бир қатор бўлиб ҳаракат қилишлари лозим.

8

“Ўзйўлинспекция”нинг асосий вазифалари қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда акс эттирилган?

Ўзбекистон Республикасининг “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 19.04.2019 йилдаги 337-сонли қарори.

9

“Ўзйўлинспекция” давлат инспекторлари томонидан Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштиришнинг қандай ҳуқуқий асослари мавжуд?

Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексининг 99, 147, 2684 ва 282-моддалари, Вазирлар Маҳкамасининг 19.04.2019 йилдаги 337-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзйўлинспекция”нинг низоми.

10

Автомобиль йўллари учун ажратилган минтақа деганда нима тушунилади?

Автомобиль йўли, унинг тегишли таркибий элементлари ва муҳандислик иншоотлари, шунингдек, автомобиль йўлидан фойдаланиш учун зарур бўлган бинолар, иншоотларни жойлаштириш, иҳота ва манзарали дарахтлар ўтказиш учун доимий фойдаланишга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бериладиган ер участкаси.

11

Қайси ташкилот давлат органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга ошириш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш амалга оширилаётганда уларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича ваколатли орган ҳисобланади?

Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида” 2017 йил
29 августдаги ЎРҚ-440-сон қонунининг 3-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (бундан буён матнда Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил деб юритилади) мансабдор шахс бўлиб, у тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини, мазкур ҳуқуқлар ва қонуний манфаатларга давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар томонидан риоя этилишини таъминлайди.

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органларига, уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда амалга оширади ва ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳисобот беради.

12

Автомобиль йўлларида ўрнатилган йўл белгиларининг кўриниб туриш масофаси қанча бўлиши керак?

Автомобиль йўлларига ўрнатилган йўл белгилари куннинг ёруғ пайтидаги кўриниш масофаси МШН 24-2005 “Автомобиль йўлларини таъмирлаш ва сақлашга доир техник қоидалар” меъёрий ҳужжатининг 4.3.8-банди талабларидан келиб чиқиб 150 метр масофадан кам бўлмайдиган қилиб ўрнатилиши лозим.

13

Йўлларни таъмирлашда қиш даврида бетон ишларини олиб борилаётганлигига гувоҳ бўламиз, бетон ишларини қиш мавсумида бажариш мумкинми?

Албатта мумкин. Фақат қиш даврида бетон ишларини бажаришда қуйидаги чораларни кўриш талаб этилади:

ётқизилаётган бетонни иситиш чораларини таъминлаш;

иситиладиган теплякларда, қутиларда, қобиқларда, кўтариладиган қалпоқли ва бошқа шунга ўхшаш совуқдан тўсувчи конструкциялар билан ўралган ҳолда бетон ишлари бажарилади.

14

Автомобиль йўли нима?

Автомобиль йўли транспорт воситалари ҳаракатланиши учун мўлжалланган, уларнинг белгиланган тезликда, оғирликда, ўлчамларда муттасил ва хавфсиз ҳаракатланишини таъминлайдиган муҳандислик иншоотлари мажмуаси, шунингдек, ушбу мажмуани жойлаштириш учун берилган ер участкалари ва мажмуа устидаги белгиланган доирадаги бўшлиқ.

15

Кимлар автомобиль йўлларидан фойдаланувчилар ҳисобланади?

Йўл ҳаракатининг иштирокчилари бўлган ёки ажратилган минтақа ҳамда йўл бўйи минтақаси доираларида белгиланган тартибда рухсат этилган фаолиятни амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар автомобиль йўлларидан фойдаланувчилар ҳисобланади.

16

Қайси ҳудуд ажратилган минтақа деб ҳисобланади?

Ажратилган минтақа бу – автомобиль йўли, унинг тегишли конструктив элементлари ва муҳандислик иншоотлари, шунингдек, автомобиль йўлидан фойдаланиш учун зарур бўлган бинолар, иншоотларни жойлаштириш, иҳота ва манзарали дарахтзорлар барпо этиш учун доимий фойдаланишга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бериладиган ер участкаси.

17

Қандай жой йўл бўйи минтақаси деб аталади?

Ажратилган минтақага туташган, чегараларида аҳоли хавфсизлигини ва транспортнинг ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш учун ердан фойдаланишнинг алоҳида шартлари белгиланадиган ер участкаси йўл бўйи минтақаси деб аталади.

18

Қайси йўллар умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари ҳисобланади?

Аҳоли эҳтиёжларини, давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ва мудофаа эҳтиёжларини қаноатлантириш учун шаҳарлар ҳамда бошқа аҳоли пунктлари ўртасида юклар ва йўловчилар ташишни таъминлайдиган автомобиль йўллари умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари ҳисобланади.

Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари халқаро, давлат ва маҳаллий аҳамиятга молик автомобиль йўлларига бўлинади.

19

Қандай йўллар шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчалари ҳисобланади?

Шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар доирасида ўтадиган автомобиль йўллари шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчалари ҳисобланади.

20

Хўжалик автомобиль йўлларига қайси йўллар киради?

Технологик мақсадларга хизмат қиладиган йўллар, шахобча, хизмат, патруль ва бошқа шунга ўхшаш автомобиль йўллари хўжалик автомобиль йўллари жумласига киради.

21

Автомобиль йўллари қандай  таснифланади?

Ўзбекистон Республикасининг “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги  қонунининг 8-моддасига асосон, Ўзбекистон Республикасида автомобиль йўллари қуйидагича таснифланади:

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари;

шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчалари;

хўжалик автомобиль йўллари.

Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари давлат мулки бўлиб, автомобиль йўлларидан фойдаланувчилар учун очиқдир. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари аҳоли эҳтиёжларини, давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ва мудофаа эҳтиёжларини қаноатлантириш учун шаҳарлар ҳамда бошқа аҳоли пунктлари ўртасида юклар ва йўловчилар ташишни таъминлайди.

Шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчалари давлат мулки бўлиб, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар доирасида ўтади, мазкур кўчаларнинг Ўзбекистон Республикасининг умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари рўйхатига белгиланган тартибда киритилган участкалари бундан мустасно.

Технологик мақсадларга хизмат қиладиган йўллар, шахобча, хизмат, патруль ва бошқа шунга ўхшаш автомобиль йўллари хўжалик автомобиль йўллари жумласига киради.

22

Ушбу йўллар кимлар ихтиёрида бўлади ва уларни таъмирлаш ва сақлашга кимлар масъул?

Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари махсус ваколатли орган-Автомобиль йўллари қўмитаси ихтиёрида бўлади.

Шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ихтиёрида бўлади.

Хўжалик автомобиль йўллари давлат ёки юридик ва жисмоний шахсларнинг мулкидир.

Ўзбекистон Республикасининг “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги  қонунининг 15-моддасига асосон, автомобиль йўлларини таъмирлаш ва сақлаш мазкур йўллар қайси юридик ва жисмоний шахслар ихтиёрида бўлса, ўша юридик ва жисмоний шахслар томонидан таъминланиши белгилаб берилган.

Шунингдек, мазкур моддада темир йўлларни кесиб ўтиш жойларини, осма кўприкларни, паром кечувларини, трамвай йўлларини ҳамда автомобиль йўлларидаги бошқа иншоотларни таъмирлаш ва сақлаш мазкур иншоотлар қайси юридик шахслар ихтиёрида бўлса, ўша юридик шахслар томонидан амалга оширилади деб белгиланган.

23

Йўл ташкилотларининг мажбуриятлари нимадан иборат?

Ўзбекистон Республикасининг “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги  қонунининг 16-моддасида йўл ташкилотлари автомобиль йўлларининг соз ҳолатда бўлишини, улардан транспорт воситалари муттасил ва хавфсиз ўтишини таъминлаши шарт этиб белгилаб қўйилган.

24

Автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари нимадан иборат?

Ўзбекистон Республикасининг “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги  қонунининг 17-моддасида автомобиль йўлларидан фойдаланувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эгалиги белгилаб берилган:

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидан, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчаларидан, шунингдек, бошқа шахслар фойдаланиши учун очиқ бўлган хўжалик автомобиль йўлларидан ўтиш;

муттасил, йил давомида, хавфсиз ва қулай шароитларда ҳаракатланиш;

ҳаракатланишнинг йўл шароитлари тўғрисида тезкор ахборот олиш;

автомобиль йўлидаги носозликлар туфайли етказилган зарарни белгиланган тартибда ундириб олиш.

Шунингдек, автомобиль йўлларидан фойдаланувчилар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкинлиги кўрсатилган.

Қонуннинг 18-моддасида автомобиль йўлларидан фойдаланувчилар:

ҳаракат хавфсизлигини ва автомобиль йўлларини сақлашни таъминлай оладиган ҳолатдаги транспорт воситаларидан фойдаланишлари;

ажратилган минтақани ифлослантирмасликлари;

автомобиль йўлларининг шикастланишларига йўл қўймасликлари шартлиги белгилаб берилган.

Автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларнинг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

25

Автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларга автомобиль йўлидаги носозликлар туфайли етказилган зарарнинг ўрнини ким томонидан қопланади?

Ўзбекистон Республикасининг “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги  қонуннинг 25-моддасида автомобиль йўллари қайси юридик ва жисмоний шахслар ихтиёрида бўлса, ўша юридик ва жисмоний шахслар автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларга автомобиль йўлидаги носозликлар туфайли етказилган зарарнинг ўрнини белгиланган тартибда қоплаши шарт этиб белгиланган.

26

Автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларнинг жавобгарлиги нимадан иборат?

Ўзбекистон Республикасининг “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги  қонуннинг 19-моддасида автомобиль йўлининг элементлари шикастланишига йўл қўйган автомобиль йўлларидан фойдаланувчилар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади ҳамда кўрсатилган элементларнинг ва уларни тиклаш ишлари қийматининг ўрнини қоплайди деб белгилаб берилган.

 




Галерея

САВОЛ БЕРИШ