Диққат! Веб-сайт тест режимида ишламоқда.

Йўл қурилишида сифатсиз бетон маҳсулотлари ишлатилганини кўрдингизми? Сифатсиз йўл қурилаётганининг гувоҳи бўлдингизми? Асфальт ётқизилган йўллар қисқа муддатда (6-10 ой) бузилиб кетганми?

Мурожаат қилинг. У жавобсиз қолмайди. Бизнинг вазифамиз - халқимиз учун узоқ муддат хизмат қиладиган автомобиль йўлларининг сифатли қурилишини назорат қилиш.

Ўзб

Йўл – халқ мулки, унинг созлиги ва равонлигига барча масъул

 

      Замонавий автомобиль йўллари тармоғини ривожлантириш – мамлакат иқтисодиётининг жозибадорлиги ва рақобатбардошлигини ошириш баробарида, республика транспорт салоҳиятини ривожлантириш ва экспорт имкониятларини кенгайтиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Чунки Республикамиздаги халқ хўжалиги юкларининг 80 фоизи, йўловчи ташиш хизматининг эса 85 фоизи айнан автомобиль транспорти соҳасига тўғри келади.

Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам, Шавкат Мирзиёев иштирокида, жорий йил 28 январда – транспорт тизимини самарали ташкил этиш борасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда ҳам соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратди.

Халқаро экспертларнинг хулосасига кўра, Ўзбекистон транзит салоҳиятини ҳозирги 7 миллион тоннадан 16 миллион тоннага, 2030 йилда эса минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш эвазига 23 миллион тоннага етказиш имкониятига эга. Бу масаланинг ижобий ечимида автомобиль йўлларининг ўзига хос ўрни бор. Давлатимиз раҳбари юқорида эслатиб ўтилган йиғилишда мамлакатимизда автомобиль йўлларининг ҳолатини яхшилаш, халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда, тез фурсатларда Автомобиль йўлларини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлагани бежиз эмас.

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси – йўл қурилиши, йўл-қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларини ишлаб чиқариш соҳасида техник жиҳатдан тартибга солишга оид шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатлар талаблари бажарилишини назорат қилувчи – махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.

“Ўзйўлинспекция” ўзига юклатилган вазифалардан келиб чиқиб, автомобиль йўлларида олиб борилаётган йўл ишлари устидан мунтазам равишда қатъий сифат назоратини олиб бормоқда. Хусусан, 2019 йил давомида 3257 та йўл-қурилиш объектида назорат ўтказилди.

 Давлат инспекторлари томонидан аниқланган қоида бузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича масъул ходимларга 2682 та бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди. Уларни ўз муддатида бартараф этмаган масъул шахсларга нисбатан интизомий жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш ва аниқланган қоидабузилишларни бартараф этиш учун тегишли ташкилотларга 221 та  тақдимнома киритилди. Йўл-қурилиши объектларида қўпол қоидабузилишларга йўл қўйган ва берилган кўрсатмаларни белгиланган муддатда бартараф этмаган мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида 164 та баённома расмийлаштирилиб, суд органларига юборилди.

Бундан ташқари, сифатсиз бажарилган 4846,6 млн.сўмлик қурилиш-монтаж ишлари ҳажмини тўловдан чиқариб ташлаш бўйича буюртмачиларга 58 та талабнома киритилган. Сунъий иншоотлар, кўприклар ҳолатини назорат қилиш ишлари юзасидан 162 та объектда назорат ишлари ўтказилди. Натижада 2 та кўприк авария, 5 та кўприк авария олди ҳолатида ҳамда 3 таси қониқарсиз аҳволда экани аниқланиб, тегишли чоралар кўрилди.

Фойдаланувчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган ҳолатлардан бири – йўлларни таъмирлашдан кўп ўтмай, баъзи қисмида бажарилган қазишлардан сўнг уларнинг сифатсиз тикланишидир.

Ўзбекистон Республикасининг “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонуни талабларига кўра, автомобиль йўллари қайси юридик шахслар ихтиёрида бўлса, ўша субъектлар билан олдиндан келишмасдан, каналлар, алоқа ва электр узатиш линиялари, қувурлар, темир йўллар ҳамда бошқа коммуникациялар – автомобиль йўлларини кесиб ўтишига йўл қўйилмайди. Автомобиль йўлларидаги ёки уларнинг айрим участкаларидаги ҳаракатланишни чеклаш ёки таъқиқлаш – автомобиль йўлларига эгалик қилаётган юридик шахслар томонидан берилган рухсатномалар асосида амалга оширилади. Рухсатнома бериш жараёнида, табиийки, техник шартлар ҳам кўрсатиб ўтилади. Бунда – инфратузилма ўтказган ташкилот томонидан йўл қопламасини сифатли тиклаб бериш шарти ўз ифодасини топади.

Бироқ ўтказилган назорат натижалари кўрсатмоқдаки, айрим ҳолларда автомобиль йўлларидаги қазиш ишлари тегишли рухсатномасиз ёки рухсатнома талабларига риоя этмаган ҳолда амалга ошириляпти. Бу эса ўз-ўзидан йўллар сифатининг ёмонлашувига сабаб бўлмоқда. 2019 йилда коммунал хизмат корхоналари томонидан биргина Тошкент шаҳрида 746 та рухсатнома олинган бўлиб, шундан 378 ҳолатда – йўлнинг асфальт қопламаси сифатсиз тикланганлиги ёки умуман қайта тикланмаганлиги аниқланди. Бу каби ҳолатлар бошқа вилоятларда ҳам мавжуд.

Жисмоний ва юридик шахслар томонидан йўлларда ўзбошимчалик билан сунъий нотекисликлар ўрнатилиши ҳам фойдаланувчиларга ноқулайлик туғдирмоқда. Ўзбекистонда тасдиқланган давлат стандартида сунъий нотекислик ўрнатилиши мумкин бўлган йўллар ва ўрнатилиши тақиқланган ҳолатлар ҳам аниқ белгилаб қўйилган. Сунъий нотекисликлар ўрнатишда ушбу талаблардан ҳар қандай чекиниш ҳаракат хавфсизлигини келтириб чиқариши мумкин.

Бу каби муаммоларга барҳам бериш, шунингдек, автомобиль йўллари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижроси самарадорлигини ошириш мақсадида 2020 йил 22 январда кучга кирган қонун билан, Ўзбекистон Республикаси “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси”нинг 147-моддасига ўзгартириш киритилди. Унга кўра, эндиликда автомобиль йўлларини ўзбошимчалик билан қазиш, уларда сунъий нотекисликлар ва тўсиқлар яратиш, автомобиль йўлида ишларни амалга ошириш учун берилган рухсатнома талабларини бажармасликҳам йўлларни сақлаш қоидаларини бузиш билан малакаланган ишлар маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади. Бунинг учун фуқароларга – базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан 3 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – 10 баравари миқдорида жарима солиниши мумкин. Шунингдек, кодекс янги модда билан тўлдирилиб, юқорида кўрсатилган қоидабузарликлар, шунингдек, йўлларни сақлаш қоидаларини бузганлик ҳолатлари бўйича “Ўзйўлинспекция”нинг мансабдор шахслари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома тузилиши белгилаб қўйилди.

Авваллари бу каби ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик белгиланмаганлиги сабабли, “Ўзйўлинспекция” томонидан бундай ҳолатлар бўйича ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш имкони бўлмаган. Табиийки, ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликнинг белгиланиши ушбу соҳадаги қоида бузилишларнинг камайишига сабаб бўлади. Лекин автомобиль йўллари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига тўлиқ риоя этилишини таъминлаш кўп жиҳатдан ушбу талабларни бажаришга масъул бўлган идоралар вакиллари, қолаверса, юртдошларимизнинг фуқаролик позициясига, ҳуқуқий маданиятига ҳам бевосита боғлиқ. Йўллар – халқ мулки, демак, уларнинг созлигига, равонлигига ҳам барча бирдек масъул.

Фахриддин САЛИХОВ,

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги

Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш

инспекцияси бошлиғи

 

(“Янги Ўзбекистон” газетасининг

2020 йил 7 февраль кунги 10-сонидан олинди)-

Галерея

САВОЛ БЕРИШ