Диққат! Веб-сайт тест режимида ишламоқда.

Йўл қурилишида сифатсиз бетон маҳсулотлари ишлатилганини кўрдингизми? Сифатсиз йўл қурилаётганининг гувоҳи бўлдингизми? Асфальт ётқизилган йўллар қисқа муддатда (6-10 ой) бузилиб кетганми?

Мурожаат қилинг. У жавобсиз қолмайди. Бизнинг вазифамиз - халқимиз учун узоқ муддат хизмат қиладиган автомобиль йўлларининг сифатли қурилишини назорат қилиш.

Ўзб

Пойтахт кўчаларидаги қазишлар – йўл ҳаракатига таҳдид солмоқда

“Ўзйўлинспекция”нинг Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси берган маълумотларга қараганда, ўтган 2020 йил давомида Тошкент шаҳар кўчаларида – коммунал ва бошқа мақсадлар учун умумий қазиш ишларини олиб бориш мақсадида 759 та рухсатнома расмийлаштирилган бўлиб, уларнинг 360 таси – носозликларни бартараф этиш, 399 таси эса режалаштирилган ишлар учун берилган рухсатномалардир.

Аниқланишича, кўчаларда – қайта тиклаш технологиясига риоя қилинмаганлиги оқибатида 70 дан ортиқ манзиллардаги асфальт қопламасида чўкишлар ва ўпирилишлар ҳосил бўлган.

Пойтахт кўчаларида йўл қопламасини демонтаж қилиш ҳамда тиклаш ишлари – хўжалик ҳисобидаги “Obodonlashtirish ob‘yektlarini nazorati” ДУК томонидан пуллик рухсатнома берилиши орқали амалга оширилиши кўзда тутилган. Аммо ДУК томонидан бериладиган рухсатноманинг маблағ миқдори бажариладиган ишларнинг муддатидан келиб чиқиб ҳисобланиши, бунда молиявий қарамлик мавжудлиги – қазиш ва тиклаш ишларининг муддатлари меъёрий ҳужжатлар талаби асосида белгиланмасдан, аксинча, рухсатнома узоқ муддатларга берилишига сабаб бўлиб қолмоқда.

Бундан ташқари, бажариладиган ишларнинг таркибига йўл қопламасини қайта тиклаш ишларининг иш чизмалари киритилмасдан, лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқиш ҳолатлари мавжуд бўлса-да, унитар корхона томонидан рухсатнома бериб юборилаяпти. Йўл қопламасини қайта тиклаш ишлари эса коммунал ташкилотлар томонидан жалб қилинган – йўл соҳасининг мутахассиси бўлмаган фирмалар томонидан, меъёрий ҳужжатлар талабига мувофиқ эмас, сифатсиз бажарилмоқда ёки узоқ муддат бажарилмасдан қолмоқда.

Буларнинг барчаси – пиёдалар ва транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланишига жиддий таъсир кўрсатиб, фуқароларнинг ўринли эътирозларига сабаб бўлаяпти.

Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш керакки, бугунги кунда Тошкент шаҳар кўчаларининг умумий узунлиги – 2648,4 километрни ташкил этади. Шундан шаҳар аҳамиятига эга магистрал кучалар – 289,7 км, туман аҳамиятига эга кўчалар – 347,7 км, тор ва берк кўчалар эса 2011 км.

Юқоридаги ҳолатларни ўз вақтида бартараф этиш мақсадида, бугунги кунда “Ўзйўлинспекция” томонидан тегишли қонуний таклифлар тайёрланмоқда.

Инспекция Ахборот хизмати                                                                                                                                  2021 йил 12 январь

Галерея

САВОЛ БЕРИШ