Диққат! Веб-сайт тест режимида ишламоқда.

Йўл қурилишида сифатсиз бетон маҳсулотлари ишлатилганини кўрдингизми? Сифатсиз йўл қурилаётганининг гувоҳи бўлдингизми? Асфальт ётқизилган йўллар қисқа муддатда (6-10 ой) бузилиб кетганми?

Мурожаат қилинг. У жавобсиз қолмайди. Бизнинг вазифамиз - халқимиз учун узоқ муддат хизмат қиладиган автомобиль йўлларининг сифатли қурилишини назорат қилиш.

Ўзб

ЙЎЛ ҚУРИЛИШИ СИФАТИ – ДАВЛАТ НАЗОРАТИДА

ёки ЎзА сайтида чоп этилган  “Йўл қурилиши сифати қачон яхшиланади?” номли мақола юзасидан раддия

 

2021 йил 24 февраль куни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг uza.uz сайтида Наманган вилояти “Мустақил синов лабораториялари” уюшмаси бошқарув кенгаши раиси Нурбек Шарибаев имзоси билан “Йўл қурилиши сифати қачон яхшиланади?” номли мақола чоп этилди. Муаллифнинг ғоят субъектив, бир томонлама ва шахсий манфаатлари акс этган мазкур мақолага нисбатан ўз муносабатимизни баён қилишни лозим топдик.

Энг аввало шуни алоҳида таъкидлашни истардикки, мақолада қайта-қайта тилга олинган ҳамда муаллифнинг асоссиз эътирозларига, ҳаттоки “Йўл қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекциясини самарасиз фаолият кўрсатиш”да айблаш учун унинг ўз наздида “асосга эга бўлган” – “Тошкент Шарқий аэродроми негизидаги фуқаролик авиациясида замонавий аэропорт комплекси қуриш” объекти – Республика ва халқаро аҳамиятга молик ўта муҳим қурилиш иншооти ҳисобланади. Мазкур объектда қурилиш ишлари сифати халқаро стандартларнинг барча талабларига жавоб бериши, унда ишлатилган ҳар бир сўм қатъий назоратда бўлмоғи лозим.

Масала шундаки, мазкур объектда “Буюртмачи” сифатида фаолият кўрсатаётган “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг буюртмасига асосан, ўтган йили Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекциясининг Йўл қурилиш ишлари синов лабораторияси томонидан  ўтказилган синовлар натижасида – объект қурилиши билан боғлиқ бир қатор технологик хато ва камчиликлар аниқланган.

Тўғрироғи, буюртмачининг тахминий хисоб китобларига кўра, объектнинг бош пудратчиси ҳисобланмиш – “Тошкент кўприклардан фойдаланиш корхонаси” ДУК томонидан йўл қўйилган камчиликлар оқибатида давлат бюджетига 5 миллиард сўмдан ортиқ зарар етказилган. Бу ҳолат эса “Ўзйўлинспекция” синов лабораторияси ўтказган тадқиқотлар натижасида ўз исботини топди.

Айнан мана шу ҳолат, яъни керагидан ортиқ миқдордаги маблағнинг аслида сарфланмаганлиги ва унинг давлатга қарашли лаборатория томонидан тасдиқлангани – “маблағлар тўғри сарфланди”, дея хулоса берган Намангандаги лаборатория мутасаддиларининг жазавасига сабаб бўлди.

Мазкур ҳолат бош пудратчи ва Наманган мустақил синов лабораториялари уюшмаси аризаларига кўра, бир неча бор суд инстанцияларида, хусусан, мақолада тилга олинганидек, “Тошкент шаҳар, Мирзо Улугбек туман Маъмурий судининг очиқ суд мажлисида кўриб чиқилиб, 2020 йил 10 декабрда ҳал қилув қарори чиқарилган.” Аммо шу ўринда мақола муаллифи бир жиҳатни атайлаб “ёддан чиқаргани”ни эслатиб ўтамизки, суднинг мазкур қарори устидан – Инспекция томонидан берилган апеляцион шикоят натижасида – 2021 йил 10 февраль куни Тошкент шахар туманлараро суди ушбу объектда амалда бўлган стандартларга асосан синов ўтказиб, натижаси бўйича асосли синов баённомаларини тузиш ва хулоса бериш мажбурияти юклатилсин, деган хал қилув қарорини чиқарди.  Ҳозирда ушбу лаборатория амалиётига тайёргарлик кўрилмоқда.

Айнан мана шу ҳолат – Наманган вилояти мустақил синов лабораториялари уюшмасини – суд қарори ижросини таъминлашга халақит беришга, жамоатчилик фикрини асосий масаладан атайлаб чалғитиш учун, “Ўзйўлинспекция” фаолиятига нохолис баҳо бериб, Ўзбекистон миллий ахборот агентлигининг мўътабар минбаридан фойдаланиб, мақола уюштиришга ундаган бўлса ажаб эмас.

Ўз-ўзидан аён бўладики, давлат манфаатлари ва Наманган вилояти мустақил лабораториялар уюшмасининг иқтисодий муддаолари тўқнашаётган – “Тошкент – Шарқий аэродроми негизидаги фуқаролик авиациясида замонавий аэропорт комплекси қуриш” объекти бўйича юқорида тилга олинган суд қароридан бошқа ҳам бир неча ҳуқуқий ҳужжатлар – “Ўзйўлинспекция” Йўл қурилиш ишлари синов лабораторияси ҳар томонлама тўғри йўл тутганини тасдиқлайди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазирлигининг 2020 йил 13 мартдаги 2442/08-15 сонли хати, Ўзбекистон Республикаси давлат хавфсизлик хизматининг 2020 йил 6 мартдаги 6/3-635 сонли мурожатига биноан, манфаатдор томонлар, яъни Тошкент шаҳар қурилиш соҳаси ҳуқуқий назорат инспекторлари, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, холис кузатувчи ҳисобланган – Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти, шунингдек, пудратчи корхоналар Тошкент кўприклардан фойдаланиш унитар корхонаси, “Трансйўлқурилиш-махсуспудрат” МЧЖ, “Ўзоғирсаноатлойиҳа” синов лабораторияси, лойихачи ташкилот бўлмиш “Аэройўллойиҳа” МЧЖ ва айнан Наманган вилояти мустақил лабораториялар уюшмаси таркибида бўлган “Construction Expert” МЧЖ лаборатория вакиллари иштирокида комиссия тузилиб, мазкур масала кўриб чиқилган. Қизиғи шундаки, махсус нуфузли комиссия “Ўзйўлинспекция” Йўл қурилиш ишлари синов лабораторияси томонидан ўтказилган синов ишлари натижасини маъқуллади.

Шу ўринда ҳурматли сайт муштарийлари диққатини яна бир муҳим масалага қаратмоқчимиз. Халқимизда бироз қўполроқ бўлса ҳам, “Иштони йўқнинг иштони йиртиққа кулишига боқинг” деган нақли бор. Мақолада қайта-қайта уқтириб, ҳаттоки жазава билан ўқувчиларни ишонтиришга уринилган, “Ўзйўлинспекция” лабораторияси фаолиятини “ўта қониқарсиз ва самарасиз”ликда айбланган “сифат”ларни, масъулиятсизликни – айнан ушбу уюшма таркибидаги лабораториялар фаолияти билан бемалол боғлаш мумкин. Балки муаллиф шунинг учун ҳам бугунги кунда “бажараётган” сифатсиз ишлари учун масъулиятдан қочишнинг янги йўлини топган бўлиши мумкин. Буни – ваколатли давлат ташкилотлари фаолиятини атайлаб қоралаб, хақиқатдан йироқ фактлар билан жамоатчилик фикрини чалғитиб, бу худбин мақсад йўлида ҳаттоки, оммавий ахборот воситаларининг тобора ошиб бораётган мавқеидан хам фойдаланишга уриниш, дея баҳолаш мумкин.

Гапларимиз – биз раддия билдираётган муаллиф фикрлари каби асоссиз чиқиб қолмаслиги учун аниқ фактлар келтирамиз. Айнан Наманган вилояти “Мустақил синов лабораториялари” фаолияти тизимидаги лаборатория ташкилотлари томонидан – Қашқадарё, Фарғона ва бошқа вилоятлардаги  йўл қурилиш объектларида ўтказилган синов ишларида бир қатор жиддий хато ва камчиликлар аниқланган. Соддароқ тилда тушунтирадиган бўлсак, айнан ўша лабораториялар томонидан – замонавий талабларга умуман жавоб бермайдиган, сифатсиз йўллар бўйича ижобий хулосалар берилган. Қуйидаги суратларда ўша – муаллиф “қаламрави”даги лабораториялар “сифатли” деб топган йўллар акс этган:

Қашқадарё вилоятидаги “Қарши-Шаҳрисабз-Китоб” йўналишидаги автомобиль йўлининг 4Р-79 “Қарши-Хонобод қ.-Чироқчи-Шаҳрисабз ш.” участкаси 4-10 км оралиғи

 

Фарғона вилоятидаги 4Р112 “Фарғона халқа йўли” автомобил йўлининг 252-259 км қисмини реконструкция қилиш объекти

Энди ўзингиз ўйлаб кўрингчи, мақолада тилга олинганидек, ким “малакасиз ва порахўр” экан? Мазкур йўлларни қайта синовдан ўтказиб, давлатнинг ва халқнинг миллиардлаб пулларини ўз ўрнига қўйишга уринаётган “Ўзйўлинспекция” синов лабораториясими ва ёхуд “қилар ишни қилиб”, ноҳақнинг ёнини олиб, “дўппи тор келганда”, жазавага тушиб, шаллақилик қилаётган Наманган “Мустақил синов лабораториялари” уюшмасими?!.

Шу ўринда 24 февраль кунги мақолада акс яна бир ҳолат бўйича ойдинлик киритиб ўтсак. “GRAND ROAD TASHKENT” МЧЖнинг ҳамда “Obod shahar qurish” МЧЖнинг Тошкент шаҳар кўчаларида бажарган йўл ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси давлат хавфсизлик хизматининг 2020 йил 16 сентябрдаги 6/4-1749 сонли ҳамда 2020 йил 20 августдаги 6/4-1570 сонли ёзма мурожатларига асосан қайта лаборатория синовлари ўтказилди. Натижада мазкур ташкилотлар томонидан пойтахтнинг Яккасарой, Яшнобод, Мирзо Улуғбек ва Сергели туманларидаги ички йўлларда амалга оширилган таъмирлаш ишларида белгиланган стандарт ва лойиха талаблари бузилган. Лекин бизни айблаб чиқаётган Наманганлик лаборатория вакиллари – бу қонунбузилишларга атайлаб кўз юмиб, гўё “йўл ишлари сифатли амалга оширилган”, дея уларни ўз ҳимоясига олмоқда.

Муштарий тўғри тасаввурга эга бўлиши учун юзага келган ҳолатни қуйидагича образли қилиб тасвирлаш мумкин:

“GRAND ROAD TASHKENT” МЧЖ ва “Obod shahar qurish” МЧЖлар йўл таъмирлашдан олдин, лойиха ҳужжатларида – “йўлга гилам тўшаймиз”, деб кўрсатишган. Амалда эса “ерга шолча ёзиб”, “гилам”нинг пулини олишган”.  “Ўзйўлинспекция” Йўл қурилиш ишлари синов лабораторияси эса айнан шуни аниқлаган. Бунинг учун техник исботланган ҳимоямиз бор ва уни қизиққан муштарийларга ҳавола қилишимиз ҳам мумкин. Қизиғи шундаки, бугунги кунда ҳам давом этаётган суд жараёнларида Наманган вилояти “Мустақил лабораториялар уюшмаси” раҳбари, биз муносабат билдираётган мақола муаллифи Нурбек Шарибоев “йўлга шолча ётқизганларнинг” ҳимоячиси сифатида қатнашмоқда.

Дарвоқе, пойтахт кўчалари ва ундаги ишлар сифатининг – Намангандаги лабораторияга қандай алоқаси борлиги эса – яна бир диққатга молик, жиддий саволлар туғдирадиган масала эмасми?

Мулоҳазаларимиз сўнгида яна бир масалани назардан қочирмаслик керак. “Йўл қурилиши сифати қачон яхшиланади?” мақоласи муаллифи ўз ёзганларида “Йўл қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекциясининг бу даражада самарасиз фаолият кўрсатишининг сабаби нима? Порахўрлик ёки малакасизлик?” каби ибораларни ишлатган. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаларида – туҳмат, давлат ташкилотларини атайлаб обрўсизлантириш ва бу фикрларни кенг жамоатчиликка, қасддан, матбуот орқали етказганлик учун тегишли жазо нормалари борлигини эслатиб қўймоқчи эдик.

Ҳар ким ўз фикрини билдириши баробарида, ўз айтган ёлғон сўзига ҳам, туҳматига ҳам қонун олдида жавоб бериши – бугунги, ошкоралик ва эркин фикрни билдириш тобора кундалик меъёримизга айланиб бораётган жараёнларнинг мезони бўлмоғи лозим.

                                                                                                                                                                                                 Алижон Бойларов,

                                                                                  “Ўзйўлинспекция” Йўл қурилиш ишлари синов лабораторияси бошлиғи                                              

Галерея

САВОЛ БЕРИШ