Диққат! Веб-сайт тест режимида ишламоқда.

Йўл қурилишида сифатсиз бетон маҳсулотлари ишлатилганини кўрдингизми? Сифатсиз йўл қурилаётганининг гувоҳи бўлдингизми? Асфальт ётқизилган йўллар қисқа муддатда (6-10 ой) бузилиб кетганми?

Мурожаат қилинг. У жавобсиз қолмайди. Бизнинг вазифамиз - халқимиз учун узоқ муддат хизмат қиладиган автомобиль йўлларининг сифатли қурилишини назорат қилиш.

Ўзб

“effect.uz”да чоп этилган мақолага нисбатан расмий муносабат

2021 йил 21 май куни “effect.uz” ахборот агентлиги сайтида ҳамда унинг ижтимоий тармоқ каналларида тарқатилган “Ўзйўлинспекция” лабораториясининг аккредитация гувоҳномаси нега тўхтатилди?” номли мақола ва видео-лавҳа кўринишидаги журналистик суриштирувига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги хузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекциясининг

РАСМИЙ МУНОСАБАТИ

Энг аввало “Ўзйўлинспекция” маъмуриятини 2020 йилнинг март ойидан бери ташвишлантираётган долзарб масала – оммавий ахборот воситалари орқали кенг жамоатчилик муҳокамасига ҳавола қилингани боис – “effect.uz” ахборот агентлигига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Гап шундаки, мазкур интернет нашри кўтарган масала бугунги кунда нафақат “Ўзйўлинспекция” доирасида, балки унинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси доирасидаги қонунлар ва ҳукумат томонидан тақдим қилинган ваколатларида белгиланган ҳуқуқларини – Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва бошқа хуқуқ-тартибот органлари томонидан ҳам ўрганилишига зарурат бор. Бу эса – мамлакатимиздаги ошкоралик сиёсатини таъминлаш учун хизмат қилаётган ахборот агентлиги томонидан ёритилганлиги – алоҳида эътиборга молик.

Журналистик суриштирувдаги “Аккредитация маркази”дан олинган интервью қисмида “Ўзйўлинспекция” синов лабораторияси бир йил муқаддам ўтказган синов ишларида Ўзбекистонда мавжуд бўлмаган ГОСТ (аниқроғи, журналист таъкидлаган ГОСТ 28514-90, яъни “Определения плотности грунтов методом замещение объема)га асосан синов ишлари ўтказганлиги қайд қилинган. Қўшимча тарзда маълум қиламизки, айнан шу ҳолат суд суриштирув ишларида ҳам кўриб чиқилган ва ноқонуний, деб топилган. Бу – маъмурий нуқтаи назардан қонунбузарлик ҳолати сифатида қаралиши тўғри. Лекин гап шундаки, мавжуд бўлмаган деб айтилаётган ГОСТ 28514-90нинг ўрнига – Ўзбекистонда қабул қилинган ЎзДСТ 787 (яъни “Определения плотности грунтов методом замещение объема” деб юритилади) стандартини номини айнан такрорлайди. Яъни мантиқий нуқтаи назардан қаралганда, қандай ном остида ҳаракат қилинмасин, бу жиҳат синов ишлари натижаларига таъсир этмаслиги аён. Чунки усул ва технология айнан бир хил.

Юқоридаги номи келтирилган стандартдан фойдаланиб, “Тошкент-Шарқий” аэропорти қурилиши” объектидаги асос қуриш ишларида ўтказилган лаборатория амалиёти фақатгина нисбий зичланиш коэффициентини аниқлаш учунгина қўлланилган ва синов натижалари 3-сонли синов баённомасида қайд қилинган, холос. Ваҳоланки, мазкур объектда жами бўлиб 20 та синов баённомаси расмийлаштирилган. Қолган 19 та синов баённомасининг бекор қилинишига эса ушбу баённомаларни тасдиқлаган – лаборатория бошлиғи А.Бойларов ва лаборатория бош мутахассиси А.Артиқовларнинг синовларни ўтказишга ваколати йўқлиги важи асос қилинган. Синовларни уларни ўтказишга ваколати бор мутахассислар К.Норходжаев ва А.Набиевлар томонидан ўтказилганлигига эса кўз юмилган.

Ушбу ҳолат бўйича белгиланган жарима чоралари “Ўзйўлинспекция” томонидан ўз вақтида бартараф этилган. 

Қуйида эса “Тошкент-Шарқий” аэропорти қурилиши” объектидаги асос қуриш ишларида “Ўзйўлинспекция” синов лабораторияси томонидан ўтказилган лаборатория амалиётининг айрим тафсилотларини келтирамиз. Улар “effekt.uz” лавҳасидаги – “Наманган вилояти мустақил лабораториялари уюшмаси” ходимлари томонидан баён қилинган фикрларни инкор қилади:

Лавҳадаги “40 кг намуна олиш ўрнига 4 кг олинган”лиги тўғрисидаги фикрлар – томошабинни чалғитиб, унда нотўғри тасаввур уйғотади. Аслида синов ишлари ўзининг турига қараб, масалан, намликни аниқлашда – 4 кг атрофида, бошқа кўрсаткичларни аниқлашга 120 кг гача маҳсулот намуналари олинган. Бу – ҳужжатлар ва фотосуратларда ҳам қайд қилинган.

Мавзуга доир яна бир муҳим ҳолатни баён қиладиган бўлсак, “Ўзйўлинспекция” синов лабораторияси гарчи аккредитациядан ўтган бўлса ҳам, фаолияти давомида бирор марта сертификатлашга доир синов ишларини ўтказмаган ва бу – Аккредитация маркази томонидан ўтказилган инспекцион назоратда ҳам қайд қилинган. Аккредитация – айнан маҳсулотни сертификатлаштириш учун зарурий шарт ҳисобланади. Бошқа синов ишларини ўтказиш учун эса – ҳукумат томонидан берилган ваколатлар етарли ҳисобланади (Бундай ваколат “Ўзйўлинспекция”га тегишли ҳужжатлар билан берилган). Шунингдек, “Ўзйўлинспекция” синов лабораторияси – объектлар қурилиши сифатини баҳолашда – лойиҳавий талаблар бажарилганлигига эътибор қаратади, синов натижаларини “Шаҳарсозлик норма ва қоидалари” ва бошқа тегишли норматив ҳужжатлар билан солиштириб, хулоса қилади.

Шу ўринда, баҳсларга сабаб бўлаётган мазкур объектдаги “Ўзйўлинспекция” томонидан олиб борилган синов жараёнлари – Ўзбекистон Республикаси Қурилиш Вазирлигининг 2020 йил 13 мартдаги 2442/08-15-сонли хати, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг 2020 йил 6 мартдаги 6/3-635- сонли мурожатига биноан, манфаатдор томонлар –Тошкент шаҳар ҚСҲН инспекторлари, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, холис кузатувчи бўлмиш – Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти, шунингдек, пудратчи корхоналар бўлмиш – Тошкент кўприклардан фойдаланиш унитар корхонаси, “Трансйўлқурилишмахсуспудрат” МЧЖ, “Ўзоғирсаноатлойиҳа”, лойиҳачи ташкилот ҳисобланган “Аэройўллойиҳа” МЧЖ ва “Наманган вилояти мустақил лабораториялар уюшмаси” таркибидаги “Construction Expert” МЧЖ лабораторияси вакиллари иштирокида, комиссия таркибида кўриб чиқилганлигини эслатиб ўтмоқчимиз. Комиссия хулосасига кўра, объектдаги “Ўзйўлинспекция” Йўл қурилиш ишлари синов лабораторияси томонидан аниқланган натижалар ўз тасдиғини топганлигини маълум қилмоқчимиз.

Юқорида баён қилинган ҳолатларнинг расмий исботланган ҳужжатлари ва тегишли фактлар ҳам мавжуд ҳамда биз лозим бўлганда, бу фактларни тақдим этишимиз мумкин.

Шу ўринда “effekt.uz” видео-материалидаги Транспорт вазирлиги хузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси бошлиғининг биринчи ўринбосари Т.Темирбаев чиқиши билан боғлиқ эпизодга ҳам муносабат билдириб ўтиш лозим.

Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонунида – Оммавий ахборот воситаларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқаролар билан муносабатлари кўрсатиб берилган. Мазкур Қонуннинг 35-моддасида Оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир, шунингдек мансабдор шахсларнинг интервьюсини ташкил этиш тўғрисидаги сўрови кўпи билан етти кун муддатда кўриб чиқилади”, дея белгиланган.

Демак, ўз-ўзидан маълумки, ҳар қандай ўзини ҳурмат қилган матбуот соҳаси ёки нашри вакили – муайян маълумот ёки интервью олиш мақсадида бирор-бир давлат идорасига мурожаат этаркан, дабдурустдан эмас, олдин ўша идора вакили огоҳлантирилиши, унинг мурожаатига кўпи билан 7 (етти) кун ичида жавоб қайтарилиши лозим. Қолаверса, оддий инсоний этика нуқтаи-назардан ҳам, бирор даргоҳга борувчи шахс ўша идора мутасаддисини олдиндан огоҳлантириши зарур.

Эслатиб ўтмоқчимизки, хизмат вазифасини бажариб турган вақтда “Ўзйўлинспекция”га тўсатдан кириб келиб, боз устига, ходимлардан қўпол муносабатда изоҳ талаб қилишнинг – сўз эркинлиги ва ошкоралик принципларининг бузилишига алоқаси йўқ, деб ҳисоблаймиз.

Видео-лавҳадаги “Наманган мустақил лабораториялари уюшмаси” вакилининг – “Ўзйўлинспекция” ходимларнинг профессионал малакаси, ойлик маошлари масаласига нисбатан қарашлари мутлақо ўринсиз, деб ҳисоблаймиз. Инспекция ходимлари давлат белгилаб берган нормативлар асосида ўз ойлик маошларини олишади. Аммо ушбу ҳолат ҳеч кимга – уларни коррупцияга айблаб, тўқима уйдирмаларни хеч қандай фактларсиз оммавий ахборот воситаси орқали кенг жамоатчиликка етказиш, давлат ташкилотларининг ҳар қандай ходимини бадном қилиш ваколатини бермайди. Бу эса – туҳмат, давлат ташкилоти обрўсини қасддан тўкиш ҳисобланади ва фурсатдан фойдаланиб, қонунчилигимизда бу каби ҳолатлар жиноят сифатида малакаланиши тўғрисида эслатиб ўтмоқчимиз.

Яна бир бор таъкидлаш лозимки, “Ўзйўлинспекция” синов лабораториясининг Аккредитация гувоҳномаси жорий йилнинг 3 июлига қадар тўхтатилгани – унинг зиммасидаги вазифаларни тўлақонли бажаришига халақит қилмайди.

Хурматли юртдошлар!

Республиканинг қайси ҳудудида бўлишингиздан қатъий назар, автомобиль йўллари ва улардаги иншоотларда Сизни қониқтирмаётган ҳолатни кўрсангиз, бизнинг 71) 268-93-21 рақамли ишонч телефонимиз орқали мурожаат қилишингиз мумкин.

Унутманг, йўл қурилиш ишлари сифатини ва фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг техник ҳолатини назорат қилиш – нафақат соҳа вакилларининг, балки барчамизнинг бурчимиздир!

2021 йил 25 май

Галерея

САВОЛ БЕРИШ