Диққат! Веб-сайт тест режимида ишламоқда.

Йўл қурилишида сифатсиз бетон маҳсулотлари ишлатилганини кўрдингизми? Сифатсиз йўл қурилаётганининг гувоҳи бўлдингизми? Асфальт ётқизилган йўллар қисқа муддатда (6-10 ой) бузилиб кетганми?

Мурожаат қилинг. У жавобсиз қолмайди. Бизнинг вазифамиз - халқимиз учун узоқ муддат хизмат қиладиган автомобиль йўлларининг сифатли қурилишини назорат қилиш.

Ўзб

“Ўзйўлинспекция”да 9 ойлик фаолият якунлари муҳокама қилинди

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекциясида 2021 йилнинг ўтган 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар сарҳисобига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.

Инспекция бошлиғи Ф.Салиҳов раислик қилган йиғилишда барча таркибий бошқарма ва бўлимлар раҳбарлари, Ўзбекистон Республикаси Транспорт прокуратураси вакили, шунингдек, видео-конференция алоқа воситасида – ҳудудлардаги давлат инспекторлари иштирок этишди.

Унда жорий йилнинг январь-октябрь ойида “Ўзйўлинспекция” томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар, эришилган натижалар ҳамда ўз ечимини кутиб турган галдаги вазифалар муҳокама этилди.

Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2021 йил ўтган 9 ойи давомида 4847 та объектдаги автомобиль йўлларида назорат ишлари ўтказилди. Шундан: 52 таси – қурилиш, 142 таси – реконструкция, 134 таси – мукаммал таъмирлаш, 2246 жорий таъмирлаш объекти, 1555 таси – умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини сақлаш, 146 таси – кўкаламзорлаштириш, 47 та табиий офатни бартараф этиш объекти, 39 та ноқонуний қазиш, 180 та ҳолатда – йўл қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналардаги ишлар, Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурига киритилган 294 та қишлоқ, овул ва маҳаллалардаги объектлар ҳамда 12 таси – бошқа объектлардир. Аниқланган қоидабузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича буюртмачи, пудратчи, лойиҳачи, сақловчи ва бошқа ташкилотларнинг масъул ходимларига нисбатан 5209 та – бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар берилди.

Маълумки, 2020 йил 22 январда қабул қилинган қонун билан Ўзбекистон Республикаси “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси”нинг 147-моддасига ўзгартириш киритилган эди. Унга кўра, автомобиль йўлларини ўзбошимчалик билан қазиш, уларда сунъий нотекисликлар ва тўсиқлар яратиш, автомобиль йўлида ишларни амалга ошириш учун берилган рухсатнома талабларини бажармаслик, шунингдек, йўлларни сақлаш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ишлар маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади. Бунинг учун фуқароларга – базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан 3 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – 10 баравари миқдорида жарима солиниши мумкин. Йўлларни сақлаш қоидаларини бузганлик бўйича “Ўзйўлинспекция” мансабдор шахслари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома тузиш белгилаб қўйилган.

Юқорида саналган ҳолатлар бўйича жорий йилда кузатилган айрим рақамлар шундан далолат бермоқдаки, 9 ой ичида – лойиҳалаш, қурилиш-монтаж ишлари бажарилаётганда, қўйиладиган талабларни бузиш, инспекция ходимларининг кўрсатмаларини бажаришдан бўйин товлаш ёки ўз вақтида бажармаслик, шунингдек, автомобиль йўлларини ўзбошимчалик билан қазиш, уларда сунъий нотекислар ва тўсиқлар яратиш, берилган рухсатнома талабларини бажармаслик, қолаверса, йўлларни сақлаш қоидаларини бузиш каби ҳолатларга йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Кодекснинг 99- ва 147-моддалари асосида тегишли чоралар қўлланиши учун 184 та маъмурий баённома расмийлаштирилиб, суд органларига юборилди.

Булар орасида ноқонуний қазиш ишлари бўйича 10 та ҳолат кузатилган бўлиб, жами 63,05 млн. сўмлик зарар аниқланди ва суд органларига тақдим этилди. 134 та ҳолат бўйича 5318,46 млн.сўмлик сифатсиз бажарилган қурилиш-монтаж ишлари ҳажмини тўловдан чиқариш бўйича талабнома киритилди. Йўл қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи айрим корхоналар – улар чиқарган маҳсулот сифатсиз экани тўғрисида огоҳлантирилиб, ишлаб чиқаришни вақтинча тўхтатиб туриш ҳақида 22 та кўрсатма берилди.

2021 йил 3 февралда қабул қилинган йиллик Давлат дастурида ҳам – 5 мингдан ортиқ таъмирталаб кўприкларни таъмирлаш ишларини босқичма-босқич амалга ошириш вазифаси белгилаб қўйилган эди. Инспекция томонидан жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида 90 та сунъий иншоот объектларида сифат назорати ўтказилиб, 42 та кўприкдаги қурилиш, таъмир ва сақлаш ишларидаги қоидабузишларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилиб, маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда кўтарилган масалалар, жорий йил охирига қадар бажарилиши лозим бўлган ишлар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Инспекция Ахборот хизмати                                                                                                                         2021 йил 18 октябрь

Галерея

САВОЛ БЕРИШ