Диққат! Веб-сайт тест режимида ишламоқда.

Йўл қурилишида сифатсиз бетон маҳсулотлари ишлатилганини кўрдингизми? Сифатсиз йўл қурилаётганининг гувоҳи бўлдингизми? Асфальт ётқизилган йўллар қисқа муддатда (6-10 ой) бузилиб кетганми?

Мурожаат қилинг. У жавобсиз қолмайди. Бизнинг вазифамиз - халқимиз учун узоқ муддат хизмат қиладиган автомобиль йўлларининг сифатли қурилишини назорат қилиш.

Ўзб

РАСМИЙ МУНОСАБАТ

«Ishonch.uz» ахборот-таҳлилий портали орқали 2021 йил 20 ноябрь куни “Янги йўл хам ямоққа муҳтож бўладими” сарлавҳаси остида эълон қилинган мақола юзасидан Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси қуйидагиларни маълум қилади.
Энг аввало йўл сифатига жамоатчилик эътиборини қаратиб, соҳадаги муаммоларни тезкор ва холис ёритаётган ОАВ ходимлари, журналистлар ва блогерлар, автомобиль йўлларидан фойдаланувчи барча фаол фуқароларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Самарқанд-Челак шаҳри йўналишидаги 4р-48 автомобиль йўлининг 24-28 км оралиғида ёрдамчи пудратчи  “Ню Теч Самарқанд” МЧЖ томонидан шартнома асосида 3 900,000 млн сўмлик жорий  таъмирлаш ишлари олиб борилиши кўзда тутилган бўлиб, амалда 3 021,000 млн сўмлик бажарилган жорий таъмирлаш ишлари молиялаштириш учун қабул қилинган.  Тўловдан қолиб кетган таъмирлаш ишлари учун ҳамда 28 - 33 км оралиқларини жорий йилнинг ноябрь ойида таъмирлаш учун 3 467,000 млн сўмлик қўшимча маблағ  ажратилган. 
Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси, Транспорт вазирлиги ҳузурида бўлиб, сифат назорати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 апрелдаги 337-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзйўлинспекция”нинг низоми талаблари асосида, Транспорт вазирлиги томонидан тасдиқланадиган объектларда сифат назоратини олиб бориш йиллик иш режаси асосида амалга оширилади. 
«Ўзйўлинспекция”нинг Самарқанд вилояти ҳудудий бўлими давлат инспекторлари томонидан мазкур объектда олиб борилган йўл таъмирлаш ишлари сифатини назорат қилиш ишлари ўрнатилган тартибда олиб борилган. Объектда бир қатлам асфальтобетон қопламаси ётқизиш ишлари лойиҳа ва меъёрий ҳужжатларга риоя этилган ҳолда бажарилган. Ушбу йўлда бажарилган таъмирлаш ишлари сифатини тасдиқловчи лаборатория хулосалари ва маҳсулотларининг сертификатлари мавжуд.
«Ishonch.uz» ахборот-таҳлилий портали орқали эълон қилинган мақолани жойида ўрганиш мақсадида “Ўзйўлинспекция”нинг Самарқанд вилояти ҳудудий бўлими давлат инспекторлари ҳамда соҳанинг тегишли мутахассислари жойига чиқиб объектда ҳосил бўлган бузилишлар атрофлича ўрганилди. 
Мазкур автомобиль йўли Самарқанд-Челак-Пайариқ ҳамда Қўшработ шаҳар ва туман марказлари билан боғланувчи асосий йўл ҳисобланади. Қўшработ ва Пайариқ туманларида барпо этилган заводлар ва уларга яқин тош майдалаш-саралаш заводларидаги маҳсулотлар катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситалари орқали мазкур автомобиль йўлидан меъёрий оғирликка риоя этмаган ҳолда ҳаракатланиши натижасида автомобиль йўлининг 24-28 км оралиғида ётқизилган асфальтобетон қопламанинг айрим қисмларида сурилишлар ҳосил бўлган.
Самарқанд вилоят автомобиль йўллари бош бошқармасининг берилган маълумотларига кўра мавжуд йўл тўшамасининг (дорожная конструкция) мустаҳкамлиги автомобилларнинг якка ўқига тушадиган (осевая нагрузка) оғирлик 100 Кн, (10ТС) белгиланган бўлиб, автомобиль йўлида 3.12 “Ўққа тушадиган оғирлик чекланган” йўл белгилари (бирорта ўқига тушадиган хақиқий оғирлик белгида кўрсатилган 100 Кн, (10ТС)дан ортиқ бўлган транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланишини билдирувчи белги) 24-28 км оралиғида ўрнатилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 1 ноябрдаги 226-сон қарорининг 2-иловаси 24-бандида, пудратчи ташкилот шартномада белгиланган кафолат даврида буюртмачи олдида мулкий жавобгар ҳисобланиши ва кафолат муддати мобайнида объектдан фойдаланиш жараёнида нуқсонлар ва чала қилинган ишлар аниқланганда, пудратчи ташкилот уларни ўзининг ҳисобидан бартараф этиши белгиланган.
Жорий йилнинг ноябрь ойида ушбу йўлга қўшимча маблағ ажратилиши муносабати билан йил охиригача Эшимоқсоқ ва Тоймурод қишлоқлари оралиғидаги носозликлар бартараф этилиб, 28-33 км оралиқда жорий таъмирлаш ишлари давом эттирилади. 
“Ўзйўлинспекция” ходимлари томонидан автомобиль йўлларини қурилиши, реконструкцияси, капитал ва жорий таъмирлаш ишлари устидан доимий назорат амалга оширилмоқда. 
Юқоридаги ҳолатда автомобиль йўлларининг транспортларга хизмат кўрсатиш даражасини сақлаб туриш, муддатидан олдин таъмирталаб аҳволга келиб қолишини ва юзага келиши мумкин бўлган йўл транспорт ҳодисаларини олдини олиш мақсадида автотранспорт воситаларининг 3.12 “Ўққа тушадиган оғирлик чекланган” йўл белгиларини Самарқанд вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси томонидан ўрнатилиш ҳамда уларга риоя қилиниши устидан Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси билан биргаликдан назоратни янада кучайтирилишини мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
Ҳурматли юртдошлар!
Автомобиль йўллари ва улардаги иншоотларда Сизни қониқтирмаётган ҳолатни кўрсангиз, бизнинг 71) 268-93-21 рақамли ишонч телефонимиз орқали мурожаат қилишингиз мумкин. Бу орқали мамлакатимизда йўл сифатини яхшилашда ўзингизнинг муносиб улушингизни қўшган ва бу орқали фаол фуқаролик позициянгизни намоён этган бўласиз.  Зеро, йўл соҳасини яхшилаш барчамизнинг бурчимиздир.

 

Инспекция Ахборот хизмати                                                                                                                                  2021 йил 22 ноябрь

 

Галерея

САВОЛ БЕРИШ