“Ўзйўлинспексия” ходимлари учун семинар ташкил этилди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига мувофиқ 2023-йил 1- январдан бошлаб Давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида иш юритишга тўлиқ ўтишини таъминлаш белгиланган. Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Транспорт вазирлиги ва вазирлик тизим ташкилотларида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Ўзйўлинспексия” ходимлари учун қарор талабларидан келиб чиқиб ўқув семинари ўтказилди. Мазкур тадбирни Транспорт вазирининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Дилором Жалолова олиб борди.
Семинарда давлат тилида иш юритиш, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси имло қоидалари ва уларни қўллашда тез-тез учрайдиган хатолар муҳокама қилинди. Жумладан чизиқчани қўллашда лотин ва кирил алифбосидаги фарқли жиҳатларга эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди. Фонетик ёзув имло қоидаларига мувофиқ айрим сўзларнинг ўзак ва кўшимчаларидаги ўзгаришлар ҳисобга олиниб, талаффузга мувофиқ ёзилишида дуч келадиган хатолар таҳлил қилинди. Тутуқ белгиси қўлланиши, кирил ва лотин ёзувидаги айрим сўзларнинг ёзилиши ўртасидаги фарқли жиҳатлар, “с” ҳарфи мавжуд сўзларни тўғри ёзиш қоидалари каби кўплаб ҳолатлар юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
Инспекция Ахборот хизмати 2022 йил 27 апрель
Галерея











