Музейлар тарихимиздан сўзлайди
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси ташаббуси билан вазирлик марказий аппарати, тизим ташкилотлари ва ҳудудий бошқармалар иштирокида турли маданий-маърифий тадбирлар мунтазам ташкил этиб келинмоқда. Бу галги ташриф пойтахтимиздаги Темурийлар тарихи давлат музейига бўлди. «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз» шиори остида ташкил этилаётган тадбирлар доирасидаги ушбу саёҳат барча ходимлар учун ҳар томонлама қизиқарли ва фойдали бўлди.
Буюк бобокалонимиз, Соҳибқирон Амир Темурнинг нафақат буюк саркарда балки, маданият ва илм ҳомийси эканликлари, турли экспонатларда ва қўлёзмаларда яққол намоён бўлган. Ходимлар Амир Темурнинг ўша даврдаги аксарият ҳукмдорлар билан дипломатик алоқаларни ўрнатганлиги, илм аҳлини ҳар томонлама қўллаб қувватлаганлиги, элчиларнинг ўзаро борди-келдилари ҳақида қимматли маълумотларга эга бўлишди.
Шунингдек, Темурийлар шажараси, улар томонидан қад кўтарган тарихий бино ва иншоотларнинг ўша пайтдаги кўриниши, қурилиш тарихи ҳар бир экспонатда уч тилда баён этилган. Музейнинг ички кўриниши, архитектураси ҳам ўша даврга ҳамоҳанг. Тарихий билимларини бойитиб олган ташриф буюрувчилар, маданий ҳордиқ чиқариш имконига ҳам эга бўлишди. Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрами муносабати билан ташкил этилган тадбирлар давом этмоқда.
“Ўзйўлинспекция” Ахборот хизмати 2022 йил 29 август
Галерея











