Давлат хизматчиларини танлов асосида ишга қабул қилиш, салоҳиятли мутахассис ходимларни саралаб олишнинг замонавий усулидир
Сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат фуқаролик хизматчиларини ишга қабул қилиш, ходимларни бошқа лавозимга ўтказиш ишларини амалга оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлат органлари ва ташкилотларига ходимларни ишга қабул қилишда шаффофлик, ҳолислик, ошкоралик ҳамда илғор халкаро стандартларга мувофиқ махсус электрон дастур асосида талабгор фуқаролар ва тизимда фаолият юритаётган ходимларининг барчасига тенг имкониятлардан фойдаланган ҳолда саралаб олиш бўйича чоралар кўрилмоқда.
Аҳоли, айниқса ёшлар орасида барча даражалардаги давлат фуқаролик хизмати нуфузини ошириш, коррупциянинг юзага келиши, расмиятчилик ва бюрократияга имкон берувчи шароитларни йўқ қилиш мақсадида давлат фуқаролик хизматчиларини ижтимоий ҳимоя қилишнинг муносиб даражасини кафолатлаш чоралари кўрилмоқда.
Ўзбекистан Республикаси Президентининг “Ўзбекистан Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил
3 октябрдаги ПФ-5843-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг “Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона портали” ташкил этилган.
Ўзбекистан Республикаси Транспорт вазирлигининг 2021 йил 1 апрелдаги 69-сон буйруғи билан тасдиқланган тартиб талабларини Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекциясида тадбиқ этиш бўйича 2021 йил 5 апрелдаги 45-к-сон буйруғи билан “Ўзйўлинспекция”да ишга қабул қилиш ва ходимларни бошқа лавозимга ўтказиш танловларини ташкиллаштириш ҳамда олиб бориш комиссияси таркиби тасдиқланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси томонидан 2022 йил 1 мартда 01/06-204-сон хат билан вакант лавозимларга малака талаблари учун зарур бўладиган (олийгоҳи, мутахассислиги, соҳавий иш стажи) маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигига тақдим этилган ҳамда бу маълумотлар Ягона порталга жойлаштирилган.
Ўзбекистан Республикаси Транспорт вазирлиги марказий аппарата, ҳудудий бўлинмалар, тизимдаги ташкилотлардаги вакант лавозимларга ишга қабул қилиш, ходимларни бошқа лавозимга ўтказишда танлов асосида саралаб олиш тўғрисидаги тартибга кўра номзодлар қуйидаги босқичлар асосида амалга оширилади:
биринчи босқич – танлов ўтказилиши тўғрисида эълон бериш;
иккинчи босқич – номзодларнинг ҳужжатларини қабул қилиш ва саралаш;
учинчи босқич – номзодларни тест синовларидан ўтказиш;
тўртинчи босқич – номзодлар билан суҳбат ўтказиш.
Порталдаги вакант лавозимлар тўғрисидаги маълумотлар автоматик тарзда “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексидаги маълумотлар асосида шаклланади.
Вакант лавозимлар тўғрисидаги маълумотлар Порталга жойлаштирилган сана мазкур лавозимни эгаллаш бўйича танлов эълон қилинган кун деб ҳисобланади.
Танлов ўтказилиши тўғрисидаги эълон давлат органи ва ташкилотининг расмий веб-сайтида, ижтимоий тармоқларида жойлаштирилиши мумкин.
Шунингдек, мазкур эълон даврий нашрларда ҳам жойлаштирилиши мумкин.
Танлов ўтказиш тўғрисидаги эълонда қуйидагилар кўрсатилади:
вакант лавозимга қўйиладиган малака талаблари;
лавозим мажбуриятлари;
меҳнат шароитларига оид маълумотлар.
Лавозимларнинг айрим тоифалари учун қўшимча талаблар мавжуд бўлган тақдирда, эълонга бу ҳақда маълумот киритилади.
Танловда иштирок этиш бўйича номзодларнинг ҳужжатларини қабул қилиш муддати танлов эълон қилинган кундан бошлаб 10 календарь кунни ташкил қилади.
Танловда иштирок этиш бўйича ҳужжатлар келиб тушмаган тақдирда, ҳужжатларни қабул қилиш муддати автоматик тарзда 10 календарь кунга узайтирилади.
Танловнинг барча босқичлари танловда иштирок этиш бўйича ҳужжатларни қабул қилиш муддати тугаган кундан бошлаб ўн беш иш куни мобайнида ўтказилиши лозим.
Танловда иштирок этиш бўйича ҳужжатлар фақат Портал орқали электрон тарзда қабул қилинади. Номзодлардан ҳужжатлар ва уларнинг нусхаларини қоғоз шаклида талаб қилиш ман этилади.
Номзодга бир вақтнинг ўзида битта давлат органи ва ташкилотининг учтадан ортиқ бўлмаган вакант лавозимини эгаллаш учун танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилади.
Бир вақтнинг ўзида битта давлат органи ва ташкилотининг бир нечта вакант лавозимини эгаллаш учун танловда иштирок этаётган номзод танловнинг тест синовлари босқичида фақат бир марта қатнашиши мумкин.
Номзодлар томонидан танловда иштирок этиш бўйича ёлғон маълумотлар тақдим этилганлиги аниқланиши уларни танловдан четлатиш учун асос ҳисобланади.
Давлат органи ва ташкилоти танловни ташкил қилиш ва ўтказиш учун аутсорсинг асосида бошқа ташкилотларни жалб қилиши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, “Ўзйўлинспекция” ходимларини ишга қабул қилишда ягона кадрлар сиёсатини олиб боришга, ходимларни самарали бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантиришга, малакали кадрлар захирасини рақобат асосида шакллантиришга, коррупциянинг юзага келиши, расмиятчилик ва бюрократияга имкон берувчи шароитларни йўқ қилишга хизмат қилмоқда.
Ш.Рузметова
“Ўзйўлинспекция” масъул ходим 2022 йил 21 сентябрь
Галерея











