Йўл қурилишида сифатсиз бетон маҳсулотлари ишлатилганини кўрдингизми? Сифатсиз йўл қурилаётганининг гувоҳи бўлдингизми? Асфальт ётқизилган йўллар қисқа муддатда (6-10 ой) бузилиб кетганми?

Мурожаат қилинг. У жавобсиз қолмайди. Бизнинг вазифамиз - халқимиз учун узоқ муддат хизмат қиладиган автомобиль йўлларининг сифатли қурилишини назорат қилиш.

Ўзб

Ижтимоий тармоқлар ва ОАВда эълон қилинган “Ўзйўлинспекция” масъулларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди” мақоласига муносабат

Куни-кеча қатор оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда – “Ўзйўлинспекция”нинг масъул ходимлари ҳаракатларида ҳокимият ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳамда мансаб сохтакорлиги бўйича жиноят аломатлари мавжудлиги даъво қилиниб, Транспорт прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 205 ва 209-моддалари билан жиноят иши қўзғатилганлиги ҳақидаги хабарлар эълон қилинди.

Энг аввало шуни  таъкидлаш керакки, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлида айнан оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва сўзи ғоят муҳим ҳисобланади. Шу сабабга кўра, мамлакатимизда уларнинг нуфузини ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, матбуот фаолияти қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинганлиги, жумладан Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги Қонуни билан – маълумотларни эълон қилишда қатъий талаблар белгиланганлигини ҳам назардан четда қолдирмаслик лозим. Зеро, қонун устуворлиги – ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятининг энг муҳим мезонларидан ҳисобланади.

Жумладан, мазкур Қонуннинг 5-моддасида, оммавий ахборот воситалари тарқатилаётган ахборотнинг холислиги ва ишончлилиги учун белгиланган тартибда жавобгар экани, 6-моддасида эса, оммавий ахборот воситалари орқали фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини таҳқирлаш, шахсий ҳаётига аралашиш таъқиқланиши, прокурор, терговчи ёки суриштирувчининг ёзма рухсатисиз суриштирув ёки дастлабки тергов материалларини эълон қилиш, муайян иш бўйича суд қарори чиқмасдан туриб ёки суднинг қарори қонуний кучга кирмай туриб, унинг натижаларини тахмин қилиш ёхуд судга бошқача йўл билан таъсир кўрсатиш таъқиқланиши белгилаб қўйилган.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: “Ўзйўлинспекция”нинг масъул ходимлари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилганлиги ҳақидаги хабарларни эълон қилган оммавий ахборот воситалари юқоридаги талабларга нечоғли амал қилди? Уларда – дастлабки тергов материалларига оид маълумотларни тарқатиш учун прокурор, терговчи ёки суриштирувчининг ёзма рухсати борми?...

Бу саволларга асосли жавобларнинг мавжуд ёки йўқлиги – “Ўзйўлинспекция” ходимлари учун муҳим ва аҳамиятга эга маълумот ҳисобланади. Зеро, ташкилотда ўнлаб мутахассислар фаолият юритади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддасида – айбсизлик презумпцияси назарда тутилган бўлиб, унга кўра, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи – унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланади. Яъни суднинг қонуний кучга кирган ҳукми мавжуд бўлмас экан, ҳеч кимни маълум бир жиноий қилмишни содир этган шахс сифатида кўрсатиш, боз устига уни омма олдида эълон қилиш мумкин эмас.

Афсуски, куни-кеча эълон қилинган хабарларда Жиноят-процессуал кодексининг мазкур талаби бузилган кўринади. Чунки, улар жиноят иши қўзғатилганлигини эълон қилиш билангина чекланмасдан, янада чуқурлашиб, “Ўзйўлинспекция”нинг Йўл-қурилиш материаллари сифатини назорат қилиш ва йўл синов лаборатория бошқармаси масъул ходимлари ётқизилган асфальтбетон қатламининг қалинлиги лойиҳа ва меъёрий ҳужжатлар талабларига мос бўлмаса-да, 2021 йилда ижобий хулоса бериб, давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказишган” деган хулосавий жумлалар ҳам қўлланилган. Бундай хулосага келиш учун аввало, Жиноят-процессуал кодекс талабларига кўра, дастлабки тергов даврида бир қанча тергов ҳаракатлари ўтказилиши, иш айблов хулосаси тузиш билан тамомланган тақдирда, суд томонидан кўриб чиқилиб, тергов давридаги барча далиллар текширилиши, суд томонидан айблов ҳукми чиқариш учун асослар мавжуд деб топилган тақдирдагина – ҳукм чиқиб, у қонуний кучга кириши лозимлиги инобатга олинмаган.

Бу – масаланинг бир томони. Шошма-шошарлик билан, боз устига қонунни четлаб, юқорида айтилган талаблар бажарилмасдан “ёмон отлиққа, жиноятчи”га чиқарилган юридик ёки жисмоний шахснинг айби исботланмай, у гуноҳсиз бўлиб чиқса-чи?..

Жиноят-процессуал кодекси нормаларига кўра, реабилитация учун асослар бўйича, яъни иш қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари ёки суд муҳокамаси ўтказилган иш бўйича жиноий ҳодиса юз бермаганлиги, шахснинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаганлиги, унинг содир этилган жиноятга дахли бўлмаганлиги асосларига кўра жиноят ишини тугатиш ҳам дастлабки терговни тамомлашнинг бир тури эканлигини инобатга оладиган бўлсак, жиноят иши қўзғатилганлиги ҳақидаги хабарлар билан биргаликда, уларнинг аниқ тафсилотларини келтириб, жиноий қилмишларни англатувчи ҳаракатлар содир этилганлиги ҳақидаги ишонч билан ёзилган ахборотни тарқатиш ҳолати, айбсизлик презумпциясига қанчалик зид эканлигини англаш қийин бўлмаса керак.

Келтириб ўтилган ҳолатлар, жиноят иши қўзғатилганлиги бўйича маълумотлар кенг оммага тарқатилишидан аввал бу хабарнинг орқасида қанчадан-қанча инсонларнинг шаъни, қадр-қиммати, ишчанлик обрўси турганлиги инобатга олиниши, жиноятга оид маълумотларни тарқатишда суднинг қонуний кучга кирган ҳукмига асосланиши мақсадга мувофиқлигини кўрсатиб турибди.

Албатта давлат органи ходими каби шарафли касбга муносиб бўлиш – хар бир ходимнинг бурчи. Барча давлат бошқаруви органлари сингари “Ўзйўлинспекция”да ҳам ходимларни ўз вазифаларини оғишмасдан бажаришлари бўйича мунтазам чора-тадбирлар кўриб келинади.

Хулоса ўрнида – юқоридаги ҳолат ҳам “Ўзйўлинспекция” томонидан алоҳида назоратга олиниб, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда чора-тадбирлар амалга оширилишини маълум қиламиз.

“Ўзйўлинспекция” юридик хизмати

25.11.2022

Галерея

САВОЛ БЕРИШ