“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида қурилган ва таъмирланган йўллар сифатини назорат қилиш борасида амалга оширилган ишлар
Бугун АОКАда “Ўзйўлинспекция” Ахборот хизмати раҳбари Комилжон Шамсиддинов иштирокида бирифинг бўлиб ўтди. Унда “Ўзйўлинспекция” томонидан 2022 йил давомида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида қурилган ва таъмирланган йўллар сифатини назорат қилиш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.
2022 йил давомида “Ўзйўлинспекция” томонидан назорат қилиш режасига киритилган 316 та “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” объектларининг барчасида назорат ишлари ўтказилди.
Назорат тадбирлари натижасида мазкур объектларда 547 та қоида бузилиш ҳолатлари аниқланиб, уларни бартараф этиш бўйича буюртмачи, пудратчи, лойиҳачи, йўлларни сақловчи ва бошқа ташкилотларнинг масъул ходимларига 301 та бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди. Барча қоида бузилишлар ўз муддатида бартараф этилди.
20 та ҳолат бўйича 257,63 млн. сўмлик сифатсиз бажарилган қурилиш-монтаж ишлар ҳажмини тўловдан чиқариш бўйича буюртмачиларга талабномалар киритилди. 3 та ҳолатда қонун ҳужжатлари талабларини бузаётган мансабдор шахслар жавобгарликка тортилиши тўғрисида юқори турувчи органларга тақдимнома киритилди.
Мамлакат Президентининг 2022 йил 18 майдаги тегишли қарори бўйича “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига киритилган 983 та цемент-бетон қопламали автомобиль йўлларини қуриш объектлари ҳам назорат қилинди.
Натижада 670 та қоида бузилиш ҳолатлари аниқланиб, уларни бартараф этиш бўйича тегишли ташкилотлар масъул ходимларига 263 та мажбурий кўрсатмалар берилди. 41 та ҳолат бўйича 443,2 млн. сўмлик сифатсиз бажарилган ишлар ҳажмини тўловдан чиқариш бўйича талабномалар киритилди. 5 та ҳолатда мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида тақдимнома киритилди.
Умуман, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари юзасидан барча йўл-қурилиши объектларида қўпол равишда қоидабузилишларга йўл қўйган ва кўрсатмаларни муддатида бартараф этмаган мансабдор шахсларга нисбатан “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Кодекснинг 99-моддаси асосида тегишли чоралар қўллаш учун 22 та маъмурий баённома расмийлаштирилиб, маъмурий суд органларига юборилди.
Шу ўринда мазкур дастурлар доирасида йўл соҳасидаги аҳоли мурожаатлари ҳамда матбуот ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган айрим муаммоли масалалар юзасидан тушунтириш бериб ўтсак.
Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани “Ҳурлик” МФЙда истиқомат қилувчи фуқаролар томонидан – Нурафшон ва Фаровон кўчалари ҳолати бўйича қилинган мурожаатга жавобан қуйидагиларни маълум қиламиз:
Тумандаги давлат дастурига тушган “Нурафшон” кўчасида 0,710 км бетон қоплама, “Нурафшон-1” кўчасида 0,211 км бетон қоплама, “Фаровон” кўчасида 0,260 км бетон қоплама ва мазкур кўчадаги 0,574 км асфальтбетон қоплама ётқизиш ишлари – “Сурхондарё минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” корхонаси буюртмачилигида, “Сурхондарё йўл қуриш-таъмирлаш” корхонаси томонидан бажарилган. Термиз транспорт прокуратурасининг буйруғи асосида ўтказилган назорат ўлчовида бу ишларда камчиликлар аниқланмаган.
Мурожаат асосида Шўрчи тумани ободонлаштириш бошқармаси вакиллари билан бирга олиб борилган ўрганишларда – маҳалла ҳудудида жами 13,5 км тупроқ йўллар мавжудлиги аниқланди. Бу йўлларни тош қопламага ўтказиш, ҳашар йўли билан таъмирлаш ишлари 2022 йилнинг ноябрь ойида бошланган бўлиб, бугунги кунда 2 км йўлга тош қоплама ётқизилган, қолган 11,5 км йўлларда хам ҳашар йўли билан тош қоплама ётқизиш режалаштирилган.
Яна бир ҳолат, яъни rost24.uz сайтида келтирилган – умумий фойдаланишдаги давлат аҳамиятидаги 4Р-105 “Дарбанд қ. - Бойсун ш. - Элбаён қ.” автомобиль йўлининг Қумқўрғон тумани ҳудудидан ўтувчи 70-89 километрлари таъмири бўйича қуйидагиларни билдирамиз:
Қумқўрғон тумани ҳудудидан ўтувчи 19 км узунликдаги автомобиль йўли вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси томонидан алоҳида эътиборга олинган бўлиб, 2020-2022 йилларда ушбу йўлни босқичма-босқич жорий таъмирлаш бўйича 6,7 млрд. сўм маблағ ажратилган. 8,6 км узунликдаги йўл Бойсун туман йўллардан фойдаланиш корхонаси томонидан тўлиқ таъмирланган.
2023 йилда автомобиль йўлининг таъмирланмасдан қолган 78-89 км оралиғидан 10 км қисмини босқичма-босқич таъмирлаш бўйича 5,8 млрд. сўм маблағлар ажратилиши белгиланган. Мазкур маблағлар, жумладан, мурожаатда қайд қилинган – туманнинг “Исломобод” маҳалласи ҳудудидан ўтган 78-80 километрлари қисмидаги – ўтган йили асос қуриш ишлари амалга оширилган 2 км қисми учун сарфланади.
Эслатиб ўтамизки, ажратилаётган маблағлар энг аввало, ҳудудда яшовчи аҳоли томонидан билдирилаётган эътирозлардан келиб чиқиб, йўлнинг ўта таъмирталаб қисмларига йўналтирилади.
“Ўзйўлинспекция”
Ахборот хизмати
09.02.2023
Галерея











