Йўл қурилишида сифатсиз бетон маҳсулотлари ишлатилганини кўрдингизми? Сифатсиз йўл қурилаётганининг гувоҳи бўлдингизми? Асфальт ётқизилган йўллар қисқа муддатда (6-10 ой) бузилиб кетганми?

Мурожаат қилинг. У жавобсиз қолмайди. Бизнинг вазифамиз - халқимиз учун узоқ муддат хизмат қиладиган автомобиль йўлларининг сифатли қурилишини назорат қилиш.

Ўзб

Расмий муносабат

Ижтимоий тармоқларда (“PATRUL UZ” телеграм каналида) Тошкент шаҳри Сергели туманидаги йўлларда автомобиль йўлидаги носозликлар (йўлларда ҳосил бўлган чуқурлар)  туфайли келиб чиқиши мумкин бўлган  йўл-транспорт ҳодисалари натижасидаги зарарни ундириш тўғрисида видеомурожаат юзасидан.

 

           Ўзбекистон Республикасининг Автомобиль йўллари тўғрисидаги Қонуни 17-моддасига кўра автомобиль йўлларидан фойдаланувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

           умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидан, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчаларидан, шунингдек, бошқа шахслар фойдаланиши учун очиқ бўлган хўжалик автомобиль йўлларидан ўтиш;

           муттасил, йил давомида, хавфсиз ва қулай шароитларда ҳаракатланиш;

           ҳаракатланишнинг йўл шароитлари тўғрисида тезкор ахборот олиш;

           автомобиль йўлидаги носозликлар туфайли етказилган зарарни белгиланган тартибда ундириб олиш.

       Шунингдек, мазкур Қонуннинг 25-моддасида автомобиль йўллари қайси юридик ва жисмоний шахслар ихтиёрида бўлса, ўша юридик ва жисмоний шахслар автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларга автомобиль йўлидаги носозликлар туфайли етказилган зарарнинг ўрнини белгиланган тартибда қоплаши шартлиги кўрсатиб ўтилган.

         Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 985-моддасига кўра, ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек, юридик шахсга етказилган зарар, шу жумладан бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.

           Ушбу Кодекснинг 1003-моддасида “суд зарарни қоплаш тўғрисидаги талабни қаноатлантирар экан, иш ҳолатларига мувофиқ равишда, етказилган зарар учун жавобгар шахсга зарарни аслича қоплаш (ўшандай турдаги ва сифатдаги ашёни тақдим этиш, шикастланган ашёни тузатиш ва ҳоказо) ёки етказилган зарарни тўлаш мажбуриятини юклайди” деб белгилаб қўйилган.

Баён этилганларга кўра, агарда автомобиль йўлидаги носозликлар туфайли Сизга зарар етказилган бўлса, зарарни ундириш масаласида судга мурожаат қилишингиз лозим.

      Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 15 ноябрдаги 303-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида йўл-транспорт ҳодисаларини ҳисобга олиш тартиби тўғрисида”ги низомда белгиланишича, йўл-транспорт ҳодисаси — транспорт воситасининг йўлдаги қатнови жараёнида содир бўлиб, фуқароларнинг ўлими ёки уларнинг соғлиғига зарар етишига, транспорт воситалари, иншоотлар, юклар шикастланишига ёки бошқа тарзда моддий зарар етказилишига сабаб бўлган ҳодиса ҳисобланади.

           Шундай экан, транспорт воситасининг йўлдаги қатнови жараёнида автомобиль йўлидаги носозликлар туфайли транспорт воситаларига моддий зарар етказилишига сабаб бўлган ҳодиса содир этилганида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига мурожаат қилиш орқали ушбу йўл-транспорт ҳодисасини ўрнатилган тартибда расмийлаштириб, шундан сўнг судга мурожаат қилишингиз лозимлигини маълум қиламиз.

          Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 апрелдаги 337-сонли қарори билан тасдиқланган -  “Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси тўғрисидаги Низом”га мувофиқ, “Ўзйўлинспекция” йўл-транспорт ҳодисалари ҳисобини юритиш, шунингдек, ЙТҲ оқибатида етказилган зарарни ундириб бериш ваколатига эга эмас.

“Ўзйўлинспекция”

Ахборот хизмати

24.02.2023

Галерея

САВОЛ БЕРИШ