Расмий муносабат
Жорий йил 10 апрель санасида “Hurfikr.uz” сайтида “Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси диққатига! Автошоҳбекатнинг йўли қачон таъмирланади?” сарлавҳали хабар эълон қилинган.
Мазкур масала “Ўзйўлинспекция” томонидан атрофлича ўрганилди ва қуйидагиларни маълум қиламиз. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси юридик ва жисмоний шахслар томонидан автомобиль йўллари ва сунъий иншоотларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш, шунингдек, йўл-қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларини ишлаб чиқариш соҳасида техник жиҳатдан тартибга солишга оид шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилишини назорат қилиб боради.
Хабарда тилга олинган ҳудуд (“Чорсу савдо маркази автошоҳбекати”) тадбиркорлик субъекти балансида эканлиги аниқланган. Амалдаги қонунчилик ҳужжатларига кўра, автомобиль йўлларини таъмирлаш ва сақлаш мазкур йўллар қайси юридик ва жисмоний шахслар ихтиёрида бўлса, ўша юридик ва жисмоний шахслар томонидан таъминланади.
“Чорсу савдо маркази автошоҳбекати” ҳудудидаги йўлни таъмирлаш юзасидан “Ўзйўлинспекция” томонидан мутасаддиларга тегишли хат юборилган.
27.04.2023
Галерея











